Linux Mint logo

Маълумки, Linux операцион тизими дистрибутивлар шаклида тарқатилади. Linux дистрибутивларининг аниқ сони маълум эмас, чунки ҳар доим янги дистрибутивлар пайдо бўлади ва йўқ бўлиб кетади. Доимий равишда ривожланаётган фақат икки юзтадан ортиқ дистрибутивни ажратиш мумкин. Табиийки, янги фойдаланувчига бундай кўп дистрибутивлар орасидан ўзига маъқул келганини топиш қийин. Бундай ҳолатда муайян дистрибутивни ишлатган кишининг фикрига ишониш қолади. Агар дистрибутивлар билан тажриба ўтказишга вақт йўқотишни истамасангиз, унда Linux Mint билан таништиришимга рухсат этинг. Дистрибутивнинг шиори – "from freedom came elegance" ("эркинликдан келди нафосат"). Энди Linux Mint дистрибутивининг асосий афзалликлари ҳақида гапиришга вақт келди.

Live-CD

Linux Mint дистрибутивининг асосий афзалликларидан бири бу жонли сессия (live session). Яъни, операцион тизимни қаттиқ дискка ўрнатмасдан тўғридан-тўғри CD/DVD/флэш-дискдан ишга тушириш мумкин. Шундай қилиб, қаттиқ дискдаги маълумотлар учун қўрқмасдан янги тизим билан танишиш, уланган ускуналарнинг ишлашини текшириш мумкин.

Меню

Дастурларни ва файлларни тез ва қулай топиш учун меню мантиқий равишда туркумларга бўлинган: Аудио ва видео, Графика, Интернет, Офис ва ҳоказо. Бундан ташқари, менюнинг ўзида қидириш имкониятларидан фойдаланиш мумкин.

Linux Mint menu

Nemo

Nemo номли файл менежерида каталоглар ва файллар бўйича навигация қилиш учун барча зарур воситалар мавжуд. Икки панеллик режимига ўтиш имконияти бор.

Nemo

Созламалар

Тизимни созлаш учун кенг имкониятлар мавжуд. Деярли ҳамма нарсани ўзгартириш мумкин: ташқи кўриниш, ускуналар, тармоқ ва ҳоказо.

Linux Mint Preferences

Mintinstall

Linux Mint дистрибутивида ҳар бир вазифа учун битта дастур мавжуд ва ортиқча нарса йўқ. Тизим ўрнатилгандан сўнг офис тўплами, интернет, графика, мультимедия учун ва бошқа дастурлар мавжуд. Исталган дастурни 30000 дан ортиқ пакетлардан қидириш ва ўрнатиш қобилиятига эга бўлган қулай mintinstall дастур менежери мавжуд.

mintinstall

Тезкорлик

Linux Mint тез ишлайдиган ва сезгир Cinnamon интерфейсига эга.

Барқарорлик ва хавфсизлик

Linux Mint узоқ муддатли қўллаб-қувватланадиган релизлар асосида чиқади, у зарарли (вирус, троян ва ҳоказо) дастурларга чидамли.

Эркинлик

Linux Mint бу эркин дастурий таъминот (манба кодлари очиқ). Сиз уни бепул юклаб олишингиз, эмин-эркин нусхалашингиз, тарқатишингиз ва сони чекланмаган компьютерларга ўрнатишингиз мумкин.

Машҳурлик

Linux Mint жуда кўп фойдаланувчиларга эга ва DistroWatch рейтингида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу эса дистрибутивни синаш ва қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.

Мақоланинг лотин ёзувидаги версияси